QR-код адреса статьи


ҚЎШАЛОҚ БАЙРАМЛАР МУБОРАК БЎЛСИН!

Юртимизда муборак Ҳайит ҳамда баҳор элчиси бўлган Наврўз байрамлари – барчамиз учун муҳим маданий ва маънавий аҳамиятга эга бўлган шодлик байрамларидир. Бу кунларда оилавий ва жамоавий муносабатларни мустаҳкамлаш, бир-биримизга меҳр-оқибат кўрсатиш, шодлик ва фаровонликни ҳис этиш эзгу мақсаддир.
Ушбу байрамлар муносабати билан корхона ва ташкилотларда ишчи-ходимларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатиш, уларни моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда соҳанинг нафақадаги нуронийлари ҳолидан хабар олиш гўзал анъаналарга айланиб улгирган.
Ана шундай эзгу мақсадлардан четда қолмаган ҳолда Чапқирғоқ Амударё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги Мелиоратив экспедиция раҳбарияти томонидан ҳам ташкилотдаги ижтимоий муҳитни яхшилаш, ходимлар ўртасидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ва умумий фаровонликни таъминлаш мақсадида хоразмлик мелиораторларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилиб, катта дошқозонларда сумалак тайёрланди.
Шунингдек, барчага байрам дастурхонлари ёзилиб, унга ушбу ташкилотга кўп йиллик меҳнати синган фахрий устозлар ҳам таклиф этилди.
Бу каби эътибор ва ғамҳўрликдан мамнун бўлган ишчи-хизматчилар раҳбариятга ўз миннатдорчиликларини билдириб қолишди.
Шу сабабли, байрам кунлари ходимларни моддий рағбатлантириш — бу фақатгина байрамнинг мазмунини бойитиш эмас, балки жамоа руҳини ошириш ва ушбу жамоанинг ҳар бир аъзоси қалбини шод қилиш ҳамда бу орқали меҳнат самарадорлигини оширишни таъминлашда ҳам муҳимдир. 

Барчага байрам муборак бўлсин!

Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ матбуот хизмати

Orqaga qaytish