Хоразм вилоятининг Урганч туманидаги, “Дўстлик ёп” каналидан сув олувчи “Дўстлик ёп-11” ички ариғини бетонлаш жараёнларини таҳлили мисолида семинар ўтказилди. Унда вилоятнинг барча сув хўжалиги ташкилотлари раҳбар ва мутахассислари қатнашди.
Семинарда бетонлаш ишларининг бориши кўриб чиқилди ва режага мувофиқ бораётганлиги муҳокама қилиниб, керакли кўрсатмалар берилди.
Ушбу ариқ узунлиги 1070 метр бўлиб, туман “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси томонидан бугунгача 220 метр қисми бетонланди. Ариқ ҳудуднинг 110 гектар ер майдонларига сув етказиб беради.
Урганч тумани “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси тасарруфида 784,7 км узунликдаги канал ва ариқлар мавжуд бўлиб, бугунгача 218,4 км қисми бетонланган.
Шу билан бирга, "Шовот-Қуловот" ирригация тизими бошқармаси тасарруфидаги туманлараро “Дарёлик арна” каналининг ПК110+00 қисмидаги гидроиншоот атрофидаги ер майдонларида ташкил этилган ёрдамчи хўжалик фаолияти ҳам ўрганилди.
Объектнинг 0,5 гектар майдонида 4 бош қорамол, 40 дона қўй, 20 товуқ, 10 қути асалари ҳамда 30 сотихли ҳовузда балиқлар парваришланмоқда. Бундан ташқари мевали дарахтлар экилган бўлиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилиб келинмоқда.
Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ матбуот хизмати