Жорий йилнинг 15 февраль куни Хоразм вилояти Қўшкўпир туманининг “Незахос” ҳудудидаги “Хадра ёп” хўжаликлараро каналининг бетонлаш жараёнлари таҳлилига бағишланган семинар ташкил этилди.
Семинар вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Ў.Машарипов ҳамда Чапқирғоқ Амударё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Э.Нурметовлар бошчилигида ўтказилди. Тадбирда вилоятнинг барча сув хўжалиги ташкилотлари раҳбар ва мутахассислари иштирок этишди.
Семинарда “Хадра ёп” каналида олиб борилаётган бетонлаш ишлари таҳлил қилинди. Хусусан, суғориш тармоғи учун ишлаб чиқилган лойиҳа ва унинг амалга оширилиши, лойиҳа талабларига мувофиқлик ва белгиланган муддатларга риоя қилиниши, бетонлашда ишлатилаётган маҳсулотлар сифати стандартларга мувофиқлилиги, шу билан бирга, ишчилар учун яратилган шароитлар муҳокама қилинди.
Шунингдек, тадбир давомида вегетация даври бошланиши муносабати билан тизим ташкилотлари томонидан амалга ошириладиган чора-тадбирлар ҳамда “Яшил макон” лойиҳаси доирасида сув хўжалиги объектлари атрофларига дарахт ва бута кўчатлари экиш бўйича ҳам топшириқлар белгиланди.
Маълумот ўрнида, Қўшкўпир тумани “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси ҳисобидаги ушбу канал узунли 4,6 км бўлиб, бугунгача унинг 1,3 км.дан ортиқ қисми бетонланди. Канал ҳудуднинг 1000 гектардан ортиқ ер майдонини суғоришга хизмат қилади.
Бу каби бетонлаш жараёнлари суғориш тармоқларини механик мустаҳкамлигини ошириб, табиий омилларга, яъни ёмғир, ер силкинишларга нисбатан барқарорликни таъминлайди ҳамда сувнинг барча ҳудудларга самарали етказилишига ёрдам беради. Бу эса ўз навбатида етиштириладиган маҳсулотларнинг сифатини ва ҳажмини оширишга олиб келади.
Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ матбуот хизмати