Жорий йил 12 февраль куни Хоразм вилоятининг Ҳазорасп туманида жойлашган “Карвак” насос станциясида давлат-хусусий шериклик ҳамда сув хўжалиги объектларини рақамлаштириш масалалари юзасидан навбатдаги семинар ташкил этилди.
Унда Чапқирғоқ Амударё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари Д.Камолов, Насос станциялари ва энергетика бошқармаси бошлиғи О.Тоиров, туман “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси директори С.Матқурбоновлар ҳамда ишчи-ходимлар иштирок этишди.
Семинарда туман “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси директори С.Матқурбонов ҳукуматнинг соҳага доир сўнгги ҳужжатлари бўйича маълумотлар берар экан, Президентимизнинг 2025 йил 14 октябрдаги “Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда соҳанинг хусусий сектор учун жозибадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-302-сонли Қарорида насос станциялари ва уларга бириктирилган майдонларда жойлашган суғориш тармоқларини “бир насос — бир тизим” тамойили бўйича давлат-хусусий шериклик асосида бошқарувга бериш, яъни сувдан фойдаланувчиларга сувни бевосита хусусий шерик томонидан етказиб бериш тизимини (Чортоқ тажрибаси) йўлга қўйиш вазифалари белгиланганлиги тўғрисида тушунтиришлар берди.
Шу билан бирга, гидроиншоотларни рақамлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳам таҳлил этилди.
Маълумот учун, ушбу насос станция 1995 йилда ишга туширилган бўлиб, 594,4 гектар ер майдонини сув билан таъминлашга хизмат қилади; сув кўтариб бериш баландлиги 6 метрга тенг. Ҳозирда давлат-хусусий шериклик шартномаси бўйича “Барқарор оқим” МЧЖ томонидан берилган таклиф кўриб чиқилмоқда.
Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ матбуот хизмати