Жорий йилнинг 16 декабрь санасида Хоразм вилояти, Янгибозор туманининг “Боғолон” ҳудудида жойлашган “ Хоразм фахри” фермер хўжалиги дала майдонида қишлоқ хўжалигида сув тежовчи суғориш технологияларни қўллаш кўламини янада кенгайтириш, шу жумладан, қуёш панеллари орқали ишлайдиган “КАВСАР” мобиль суғориш тизимини амалиётга татбиқ этишга бағишланган кўргазмали семинар ўтказилди.


Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг аграр соҳани ривожлантириш масалалари бўйича давлат маслаҳатчиси Ш.Ғаниев вилоят фермерлари билан учрашиб, сўнгги йилларда сув тақчиллиги нафақат мамлакатимизда, балки бутун дунёда долзарб муаммога айланаётганини таъкидлади ҳамда ушбу шароитда қишлоқ хўжалиги экинларини кафолатли сув билан таъминлашда замонавий, сув тежовчи суғориш технологияларини кенг жорий этиш муҳим аҳамият касб этишини билдирди.


Шу билан бирга, семинарда мутахассислар томонидан кўргазмада тақдим этилаётган янги қурилманинг ишлаш механизми, унинг афзалликлари ҳамда ушбу технологияларни жорий қилишда давлатимиз томонидан бериладиган имтиёзлар хусусида тушунтиришлар берилди.



Учрашув чоғида фермерлар ўзларини қизиқтирган барча саволлар юзасидан тўлиқ маълумотларга эга бўлишди.
Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ матбуот хизмати