Биламизки жорий йилнинг 2 ноябрдан бошлаб мамлакатимиз бўйлаб кўчат экиш бўйича “Яшил макон" дастури эълон қилиниб долзарб 40 кунлик дарахт кўчатлари экиш ишлари бошлаб юборилганди. Бу борада Чапқирғоқ Амударё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ва унинг тасарруфидаги ташкилотлар ва бўлинмалар ўзига белгилаб берилган кўчат экиладиган объектлар кесимида алоҳида чора-тадбирлар режаси асосида иш олиб борди. Режадаги 1375 минг дона экилиши кўзда тутилган турли хил дарахт кўчатлари ҳавза бошқармаси таркибига кирувчи 21 та ташкилотлар кесимида ишлаб чиқилиб, ҳозирги кунда юз фоиз бажарилди. Кўчат экишда авваламбор, турли хил мевали ва манзарали кўчатлар етиштиришга катта эътибор берилган, турли хил вилоятимиз иқлим-шароитига мос бўлган соя берадиган дарахтлар ҳам экилмоқда. Бунда, “Хоразм давлат ўрмон хўжалиги” ташкилоти билан кўчатларни етказиб беришда яқиндан хамкорлик қилинди.
Чапқирғоқ Амударё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги Насос станциялари ва энергетика бошқармасининг Гурлан тумани бўлими ишчи-ходимлари томонидан “Қиличбой” насос станцияси атрофидаги ер участкасида ҳашар уюштирилди. Ушбу хайрли тадбирда тумандаги барча насос станциялар ходимлари қатнашди. Улар 0,3 гектар майдонга 30 туп арча, 30 туп мевали дарахт ва 350 туп тут кўчатларини экишди. Шовот-Қуловат ирригация тизимлари бошқармаси зарур бўлган кўчатларни олиш учун Шовот туманидаги Бозорбой аканинг фермер хўжалиги билан шартнома имзолаб яқиндан хамкорлик қилмоқдалар. Улар 800та арча ва 3500та тут дарахти кўчатлари билан таъминлади. Хоразм вилоят мелиоратив экспедиция ташкилоти томонидан Урганч-Хонка йўлини кесиб ўтувчи Пахтакор худудидаги тажриба коллектори атрофининг 3-3.5км майдонига 300та тут, 300та жийда, 200та терак, 200та туранги дарахт кўчатлари экилди. У ерда вилоят мелиоратив экспедицияси ва туман бўлимларидан жами 135 нафар ишчи ходимлар қатнашдилар.
Ҳадислардан маълумки кўчат экиш, деҳқончилик қилиш нечоғлик улуғ ва фазилатликни касб этади. Кўчат эккан кишининг нафақат ўзига, балки, ён атрофдагиларга, келажак авлодларга ҳам манфаати тегади.
Чапқирғоқ Амударё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ва унинг ҳузуридаги ташкилотлар томонидан дарахт кўчатларини экиш билан биргаликда уларни кўпайтириш, заҳирасини яратиш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда.