АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) томонидан "Сув ресурслари ва атроф-муҳит бўйича минтақавий лойиҳаси" доирасида Қўшкўпир сув хўжалиги ва мелиорация коллежи ўқув лабораторияси учун янги жиҳозлар, хусусан, рейка ва штатив билан тўлдирилган оптик нивелир, тупроқ шўрлиги ва сувнинг минераллашувини ўлчайдиган асбоб (электрокондуктометр), сув тезлигини ўлчаш учун таёқчали гидрометрик вертушкалар, тупроқ намлигини аниқлаш учун намлик ўлчагич (влагометр), UPS билан иш стол компьютери (моноблок) ҳамда тақдимотлар учун экранли проекторлар топшириш маросими бўлиб ўтди.
Унда республикамиздаги сув хўжалиги ва мелиорация коллежлари раҳбарлари ва ўқитувчилари ҳамда тизим ташкилотлари мутахассислари иштирок этишди.
“Мазкур кўмакдан кўзланган асосий мақсад ўқувчиларга амалий машғулотлар ўтказиш жараёнида уларнинг техник салоҳиятини кучайтириш орқали таълим сифатини оширишдан иборат бўлиб, бу ўз навбатида тизимда кадрлар базасини мустаҳкамлашга ва битирувчиларнинг меҳнат бозорида рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади” – дейди лойиҳа менежери Екатерина Стрикелева.
Шунингдек, тадбир давомида, қатнашувчилар билан лойиҳа томонидан ишлаб чиқилган ўқув модули, яъни сув, энергия, озиқ-овқат хавфсизлиги экотизимининг “Нексус” (WEFE) симуляция ўйини ўтказилиб, уларнинг сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва бошқаришдаги кўникмалари биргаликда таҳлил қилинди.
Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ матбуот хизмати