Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Сув муаммолари илмий-тадқиқот маркази (СМИТМ) илмий ходимлари томонидан коллектор-зовур сувларидан фойдаланишда тупроқнинг шўрланиш даражасига таъсирини баҳолаш мақсадида шўр ювиш ва вегетация даврида фермер хўжаликлари томонидан коллектор-зовур сувларидан такрорий фойдаланилганда тупроқ шўрланиш даражасига таъсирини ўрганиш юзасидан дала тадқиқот ишлари ўтказилмоқда.
Вилоят ҳудудида, айниқса, кам сувли йилларда дарё суви етиб бормайдиган, сув муаммоси мавжуд ҳудудларда сув истеъмолчилари томонидан коллектор-зовур сувларини қўшимча сув манбаи сифатида шўр ювиш ва вегетация даврида фойдаланишади. Тадқиқот объекти сифатида вилоятнинг Хонқа туманидаги “Гулжон Ҳанифа” (ФХ1) ва “Мадамин Мақсуд Юсупов” (ФХ2) фермер хўжаликлари дала майдонлари танлаб олинган.
Иккала хўжаликда ҳам суғоришда дарё сувларидан фойдаланишнинг имкони йўқлиги сабабли, сўнгги йилларда шўр ювиш ва вегетация мавсумида суғориш ишларини “Митянов” коллектори сувларидан (минерализациясининг энг юқори кўрсаткичи 2,0 г/л) суғориш манбаси сифатида фойдаланиб келишган.
Ўтказилган бир йиллик тадқиқотлар натижаси “Гулжон Ҳанифа” даласи тупроқларида умумий шўрланишни акс эттирувчи қуриқ қолдиқнинг қатламлар бўйича
(0-30, 30-70 ва 70-100 см) ўртача миқдори 1-нуқтада 0,167 фоиздан 0,846 фоизгача ва
2-нуқтада 0,196 фоиздан 0,971 фоизга ўзгариб тургани кузатилган. Ҳудди шундай ҳолатда “Мадамин Мақсуд Юсупов” фермер хўжалиги даласи тупроқларида 1-нуқтада
0,202 фоиздан 1,556 фоизгача ва 2-нуқтада 0,270 фоиздан 0,782 фоизга ўзгарган. Мавсум давомида ҳар иккала тадқиқот даласи тупроқларида сулфат (SO4) иони миқдори бошқа тузларга нисбатан сезиларли даражада ортганлиги аниқланган.
Юқорида келтирилган тадқиқот ишлари юзасидан СМИТМ директори Одилбек Эшчанов ўз фикрларини билдирди: “СМИТМ илмий ходимлари томонидан ўтказилган тадқиқотларнинг дастлабки натижаларига кўра, коллектор-зовур сувларидан мунтазам равишда фойдаланиш йиллар ўтиши билан тупроқларнинг структуралик ҳолати ва тупроқ табиий унумдорлигининг пасайишига олиб келиши мумкин. Чунки коллектор-зовур сувларида дарё сувларида бўлгани каби табиий ҳолда сув билан бирга келадиган майда механик лой заррачалар ва турли хилдаги фойдали оқизиқлар ҳамда бошқа тупроқ унумдорлигига бевосита таъсир кўрсатувчи озиқ элементларнинг етишмаслигидир. Шу сабабли илмий асосланган хулосаларни кўп йиллик тадқиқот ишларини мунтазам равишда ўтказиш натижасида бериш мумкин бўлади. Шу мақсадда илмий ходимларимиз томонидан узоқ муддатли лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан тадқиқот ишлари давом этмоқда“.
Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ Матбуот хизмати