Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ, “Сувхўжаликназорат” инспекцияси Хоразм вилояти бошқармаси, УПРАДИК бўлим бошлиқлари, “Шовот Қуловот” ИТБ канал бошлиқлари, Туман ирригация бўлими бошлиқлари, Махсус хизмат бўлимлари, канал бошлиқлари ва гидротехник мухандислар иштирокида Урганч туманида жойлашган “Урганч Арна” каналининг бош иншоотида амалий семинар ўтказилди.
“Сувхўжаликназорат” инспекциясининг Хоразм вилояти бошқармаси томонидан ташкиллаштирилган мазкур семинарда, объектдаги ҳолат ўрганилиб, мутахассислар томонидан масъул ходимларга керакли тавсиялар берилди. Сўнгра, бошқарма бошлиғи Анвар Артиқов Ўзбекистон Республикаси президентининг кеча, 2024 йил 4 январдаги, “Сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чоралари тўғрисида”ги йиғилишдаги кўрсатмаларига алоҳида тўхталиб ўтиб, йиғилишдаги топшириқлар бўйича маълумот берди.
Маълумки, 2024 йилдан далагача етказиладиган 1 м3 сув учун солиқ 100 сўм этиб белгиланди. Шу вақтгача хаммани онгига ўрнашган сув текин тушунчасини ўзгартириш, ва сув ресурсини тежаб, ундан самарали фойдаланиш каби тамойилларни барчага сингдириш лозим. Бу борада қуйидагилар амалга оширилади:
1. Туман ирригация бўлимлари ва махсус хизматлар негизида “Сув етказиб бериш хизматлари” ташкил қилинади. Улар экскаватор ва бошқа техникалар билан таьминланади. Бу суғориш тармоқларига хизмат кўрсатиш ишларини 2 баробарга арзонлаштиради.
2. Барча суғориш тармоқларини хатловдан ўтказиш, эгалари бўйича бириктириш ҳамда хар бирининг ягона идентификацион рақамини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.
3. 2025-йилдан бошлаб далада сув ҳисоблагич ўрнатган ва тежамкор технологияларни қўллайдиган фермерлар учун солиқ коэффициенти камайтирилади. Аксинча холатларда эса оширилади.
4. Сув тежовчи технологиялар учун имтиёзли кредит ташкил қилинади. Хусусан кредитлар 2 йиллик имтиёзли давр билан 5 йил муддатга 14 фоизлик ставкада ажратилади. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги лойихалар учун эса 10 фоиз бўлади.
5. Пудратчиларга сув тежовчи технологияларни фақат ишчи лойиха асосида қуриш ўрнатилган тизимларга камида 2 йиллик кафолат бериш ва камида 5 йиллик сервис хизмати кўрсатиш каби мажбуриятлар юклатилмоқда.