Бугун, Гурлан туман ирригация бўлими томонидан навбатдаги томчилатиб суғориш тизимига бағишланган кўргазмали дала семинари ўтказилди. Ушбу кўргазмали дала намойиши тарзидаги семинар туманнинг Амударё ҳудудида жойлашган “Оқмон Уста” фермер хўжалигининг 10 гектар пахта даласида ташкил этилди.
Семинарда қатнашган туман хокимлиги, вилоятнинг барча сув хўжалиги соҳа рахбарлари, мутахассислари, илмий ходимлар, фермер хўжалиги раҳбарлари ва томорқа ер эгалари сув тежовчи технологияларни жорий қилишнинг аҳамияти ва бу борада белгиланган вазифалар ҳақида муҳокама қилдилар.
– Жорий йилга Гурлан туманида 1698 гектар майдонга томчилатиб суғориш технологиясини ишга туширишни режалаштирганмиз, – дейди Гурлан туман ирригация бўлим бошлиғи Зокир Холлиев. – Ушбу семинарда иштироқ этаётган соҳа мутахассислари ва илмий ходимлари томонидан батафсил техник ва илмий томондан ушбу сув тежамкор технологияни қўллашда маслахатлар берилди. “Навои ишонч гиламлари” МЧЖ томонидан ўрнатилаётган томчилатиб суғориш тизимининг барча жараёнлари ташкилот мутахассислари томонидан кўрсатилди. Қолаверса, давлат томонидан субсидия ажратилгани барча сув истеъмолчилари учун жуда катта имконият бўлмоқда.